Ўзбекистон делегацияси ШҲТ давлатлари таълим вазирларининг тўққизинчи йиғилишида фаол иштирок этди
2025-05-14 14:50:00 / Янгиликлар

Йиғилиш Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлиги ҳамда ШҲТ Котибияти ҳамкорлигида ташкил этилди. Анжуманни Хитой Халқ Республикаси таълим вазири Хуай Сзинпен очиб берди. ШҲТ Бош котибининг ўринбосари Жанеш Кейн ҳамда Синсзян-Уйғур автоном райони партия қўмитаси котиби Ма Синжуй йиғилиш иштирокчиларига табрик сўзларини йўллашди.
Анжуманда ШҲТга аъзо давлатлар таълим вазирлари ва раҳбар делегациялари таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳавий стратегиялар, ҳамкорлик истиқболлари ҳамда рақамли таълимни ривожлантиришга масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов йиғилишда сўзга чиқиб, мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари – олий ва ўрта махсус таълим сифати оширилаётгани, университет ва техникумларда рақамли технологиялар жорий этилаётгани, таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасида интеграция мустаҳкамланаётгани ҳамда халқаро академик ҳамкорлик кенгаяётганини алоҳида таъкидлади.
Вазир ўз чиқишида таълим соҳасидаги глобал тенденциялар ва умумий чақириқлардан келиб чиқиб, ШҲТ доирасида қуйидаги устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш таклифини илгари сурди:
– таълимни рақамли трансформация қилиш ва янги форматда ташкил этиш,
– барқарор ривожланиш ва “яшил” кўникмаларни ривожлантириш,
– университетларни инновация ва иқтисодиёт ривожи марказларига айлантириш,
– академик мобилликни кенгайтириш ва ўзаро квалификацияларни тан олиш механизмларини яратиш.
Шунингдек, вазир Қ.Шарипов ШҲТ Университети доирасида таълим йўналишлари рўйхатига “Сунъий интеллект ва катта маълумотлар”, “Барқарор ривожланиш ва яшил технологиялар”, “Тиббиёт ва биотехнологиялар” каби йўналишларни киритиш таклифини билдирди.
Йиғилиш якунларига кўра, “ШҲТ таълим вазирларининг тўққизинчи йиғилиши баёни”, “Урумчи ташаббуси”, “ШҲТда рақамли таълимни ривожлантириш режаси” каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Шунингдек, ШҲТ давлатлари Рақамли таълим альянси ва “Хитой-ШҲТ” инновацион аспирантлар тайёрлаш маркази тузилди.
Тадбир ШҲТ маконида таълим соҳасидаги ўзаро ишонч, дўстлик ва яқин ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.